MAHALLIY YANGILIKLAR
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига қарийб 600 миллион сўм саҳоват кўрсатилди
COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди ташкил этилганидан хабарингиз бор. Бугунги синовли кунларда юртдошларимиз коронавирус пандемиясидан жабр чеккан аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида саҳоват кўрсатишмоқда.
Хайрли ишдан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар ҳам четда қолаётгани йўқ. Мамлакатимиз спорт жамоатчилиги ҳам халқимиз бошига мусибат тушган шу кунларда улар билан бир тану бир жон эканлигини намойиш этишмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари томонидан “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига жами 599 120 115 (беш юз тўқсон тўққиз миллион бир юз йигирма минг бир юз ўн беш) сўм миқдоридаги маблағ хайрия тарзида ўтказиб берилди.
Саҳоватли спортчи ва тренерларимиз ҳам мазкур акцияда фаол иштирок этишмоқда. Бунга Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов, Отабек Шукуров ва бошқа кўплаб спорт соҳаси вакилларининг коронавирус пандемиясидан азият чекаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш йўлида кўрсатаётган беғараз ёрдамларини мисол келтириш мумкин.
Албатта, давлатимиз ғамхўрлиги натижасида ҳеч ким ҳеч нарсага муҳтожлик сезгани йўқ, бундай бўлмайди ҳам. Зеро, бағрикенг халқимиз синовли кунларда ҳеч қачон бир-бирини ёлғизлатиб қўймайди. Бу каби акциялар синовли дамларда халқимизни янада жипслаштириб, улар ўртасида ҳамжиҳатликни кучайтиради, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар бир инсон давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаслигини амалда исботлайди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати
“Кўнгилли спортчилар” гуруҳи табиий офат оқибатларини бартараф этишга кўмаклашмоқда
Жорий йилнинг 27 апрель оқшомида қўшни Туркманистон орқали юртимизга кириб келган кучли шамол Бухоро вилояти катта талофат кўрганди.

Табиий офат оқибатларини бартараф этиш йўлида Бухоро вилоятида нафақат маҳаллий аҳоли, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган кўнгиллилар ҳам бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан бухоролик 150 нафар спортчи ва тренерлардан ташкил топган “Кўнгилли спортчилар” гуруҳи ҳам табиий офатдан энг кўп жабр кўрган Бухоро вилоятининг Олот ҳамда Қоракўл туманларидаги маҳаллий аҳолининг турар жойлари, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт иншоотларини таъмирлаш ишларига яқиндан кўмаклашмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Нодир Муротов ҳам шу кунларда Бухоро вилоятида бўлиб турибди ва мазкур жараённинг қандай бораётганини назорат қилиб бормоқда.

Бу жараёнда “Кўнгилли спортчилар” гуруҳи аъзолари карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, юртдошларимизнинг оғирини енгил қилишга ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
“Кўнгилли спортчилар” гуруҳи томонидан бу каби эзгу ишлар табиий офатлар оқибати тўлиқ бартараф этилгунча давом этади.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати
Sportchilar tomonidan Sardoba fojeasida jabr chekkan oilalarga insonparvarlik yordami joʻnatildi



Xalqimiz boshiga jiddiy sinovlar tushayotgan shu kunlarda Oʻzbekiston aholisi bir yoqadan bosh chiqargan holda bu musibatlarga qarshi birlashmoqda.
Bir necha kun oldin Sirdaryo viloyatidagi Sardoba suv omborida yuz bergan falokat ham jafokash xalqimizni bir maqsad yoʻlida birlashtirdi. Bu fojea Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi va tizimdagi barcha tashkilotlar rahbar va xodimlarini befarq qoldirgani yoʻq.
Shu munosabat bilan, 2-may kuni Jismoniy tarbiya va sport vazirligi tizimidagi ishchi-xodimlar, sportchilar va trenerlar Sardoba fojeasida jabr koʻrgan oilalarga yordam aksiyasini boshlashdi.
Ular tomonidan toʻplangan buyumlar, oziq-ovqat mahsulotlari, issiq kiyim-kechaklar, gigiyenik vositalar, kir yuvish mashinalari, sport kiyimlari va jihozlaridan iborat “Sahovat karvoni” kechaning oʻzida Sirdaryo viloyatiga yetkazib berildi.
Jismoniy tarbiya va sport vazirligi tomonidan yuborilgan homiylik koʻmagi Guliston olimpiya zaxiralari maktab-internati hamda Sirdaryo viloyati bolalar-oʻsmirlar futbol akademiyasi (Futbol mahorati maktabi) yotoqxonalariga vaqtinchalik evakuatsiya qilingan yurtdoshlarimizga yetkazib berildi.
Shuningdek, bu yerga joylashtirilgan fojeadan jabr chekkan yurtdoshlarimizning boʻsh vaqtlarini mazmunli tashkil etish hamda ularni ruhiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida stol tennisi, shaxmat-shashka sport turlari boʻyicha bir qator musobaqalar ham tashkil etilmoqda.
Bugun, 3-may kuni ham Jismoniy tarbiya va sport vazirligining “Sahovat” aksiyasi doirasida Toshkent shahrida yigʻilgan roʻzgʻor buyumlari, issiq kiyim-kechaklar, oziq-ovqat mahsulotlari, maktab oʻquvchilari uchun badiiy kitoblar ham oʻquv qurollari va boshqa turdagi mahsulotlardan tashkil topgan ikkinchi “Sahovat karvoni” Sirdaryo viloyatiga joʻnatildi.
Jismoniy tarbiya va sport vazirligi Matbuot xizmati
О'z-o'zini izolyatsiya qilishda o'zini qanday tutish haqida 4 ta maslahat
Bilib qoʻygan yaxshi: sportda eng koʻp uchraydigan 5 ta doping moddasi
Doping — organizmning ruhiy va jismoniy faoliyatini qisqa muddat kuchaytiradigan moddalar hisoblanadi. Maʼlumki, sportda doping moddalaridan foydalanish qatʼiyan taʼqiqlanadi. Ammo, bir paytlar doping moddalaridan sport oʻyinlari natijalarini yaxshilash maqsadida foydalanilgan.
Sportchilar orasida doping moddalaridan zaharlanish va oʻlim holatlari kuzatilganligi uchun Xalqaro olimpiya qoʻmitasi 1967-yildan sport oʻyinlari chogʻida doping qabul qilishni man etgan va qatʼiy nazorat oʻrnatgan. Qatʼiy qonun qoidalarga koʻra, hozirda doping ishlatgan sportchilar musobaqalardan hatto bir necha yilga chetlashtiriladi.
Doping soʻzi inglizcha doping, dope soʻzlaridan olingan boʻlib, “narkotiklar bermoq” degan maʼnoni anglatadi. Bugungi kunda doping moddalarining bir nechta turlari mavjud. Hozir eʼtiboringizga sportda eng koʻp uchraydigan 5 ta doping moddasi haqida maʼlumot berib oʻtamiz.
1. EPO (eritropoetin). Koʻproq siklik sport turlariga mansub: velosport, changʻi sporti, biatlon, suzish va boshqalar.
2. Anabolik steroidlar (testesteron, stanozolol, nandrolon, metenolon). Koʻproq yengil va ogʻir atletika, suzish, changʻi sporti va boshqalarga mansub.
3. Diuretiklar, yoki siydik xaydovchilar (xlortalidon, atsetazolamid, triamterin, furosemid). Koʻproq badiiy gimnastika, figurali uchish, yengil va ogʻir atletikaga mansub.
4. Qon va qon komponentlarini quyish. Koʻproq velosport, yengil atletika, changʻi sporti va boshqalarga mansub.
5. Neyrostimulyatorlar, yoki ruhiyatni qoʻzgʻatuvchilar (kokain, efedrin, ekstazi va amfetaminlar). Ular deyarli barcha sport turlariga mansub – boksdan boshlab to badiiy gimnastikagacha.
Jismoniy tarbiya va sport vazirligi
Matbuot xizmati
Ҳурматимиз чексиз сизга азиз шифокорлар!
Ҳозирги синовли даврда шифокор ва тиббиёт ходимларига замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари деб таъриф берамиз. Уларнинг жасорати ва саъй-ҳаракатлари эвазига 600 нафарга яқин коронавирусга чалинган ҳамюртимиз соғ-саломат ўз оиласи бағрига қайтди.
Юртимизнинг таниқли спортчилари, спорт жамоатчилиги халқимиз саломатлиги йўлида тинимсиз ишлаётган шифокор ва тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдириб, уларнинг жасоратини чексиз олқишлаб қолади.
Азиз ҳамюртим, ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлиги учун уйда қолинг!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги ПФ–5924-сон Фармонига мувофиқ Олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1 – 3 ўрин) бўлган спортчи-ўқувчиларни олий таълим муассасаларига (тиббиёт йўналишидан ташқари) имтиёзли ўқишга қабул қилиш бўйича Имтиёзга эга спортчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш бошланди.
Унга кўра ғолиб ва совриндор спортчи-ўқувчиларнинг ҳужжатлари жорий йилнинг 25 апрелидан 15 майига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларида масофавий электрон шаклда қабул қилинади.
Шунингдек, ғолиб ва совриндорларни ҳужжатларини кўриб чиқиш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Махсус комиссияси ташкил этилган бўлиб, ғолиб ва совриндор спортчи-ўқувчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатлари жорий йилнинг 20 майига қадар Махсус комиссияга электрон шаклда тақдим этилади.
Ғолиб ва совриндор спортчи-ўқувчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 15 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссиясига тақдим этилади.
Республика ва халқаро спорт мусобақалари ғолиблари ва совриндорлари томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати қуйидагилар:
1. Республика олий спорт маҳорати мактаблари директорларининг имтиёзга эга спортчига 2020/2021 ўқув йилида олий таълим муассасасига кириш бўйича тавсиянома;
2. Имтиёзга эга спортчининг Жисмоний тарбия ва спорт вазири номига 2020/2021 ўқув йилида олий таълим муассасасига кириш тўғрисида ёзган аризаси (захира сифатида қўшимча яна 2 та олий таълим муассасаси (тиббиёт ва ҳарбий олий таълим муассасаларидан ташқари) ҳамда олий таълим муассасаларининг таълим йўналиши, шифри, таълим шакли ва тили аниқ кўрсатилиши шарт);
3. Мусобақа дипломи;
4. Мусобақа буйруғи нусхаси;
5. Мусобақа низоми нусхаси (тасдиқланган ҳолда аслига тўғри);
6. Мусобақа баённомаси нусхаси (тасдиқланган ҳолда аслига тўғри);
7. Имтиёзга эга спортчининг паспорти нусхаси;
8. Имтиёзга эга спортчининг рейтинг дафтарчаси нусхаси;
9. Имтиёзга эга спортчи тамомлаётган таълим муассасидан маълумотнома;
10. 3,5х4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат;
11. Вилоят мусобақаси баённомаси нусхаси (Республика мусобақаларида иштирок этганлар учун)



“MY5” telekanali ham endilikda kibersportni qoʻllab quvvatlaydi: Esports Uzbekistan Federatsiyasi hamda telekanal oʻrtasida hamkorlik yoʻlga qoʻyildi

Esports Uzbekistan Federatsiyasi yurtimizdagi eng ommabop va rang-barang efirlar oʻrin olgan “MY5” telekanali bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻydi. Endilikda kibersportni ommalashtirish va rivojlantirish yoʻlida “MY5” telekanali ham Esports Uzbekistan Federatsiyasi bilan hamkorlikda ishlaydi.
Kelishuv yuzasidan ilk hamkorlik hozirda davom etayotgan “MINSPORT ONLAYN KUBOGI”da amalga oshirilishi rejalashtirilmoqda.
25-apreldan 30-aprelga qadar ushbu kibersport musobaqasidagi markaziy va hal qiluvchi uchrashuvlar “MY5” orqali efirga uzatiladi va turnirga bagʻishlangan koʻrsatuvlar tashkillashtiriladi.
Shuningdek, Federatsiyaning kelgusi loyihalarida ham “MY5” telekanali bosh axborot hamkori sifatida musobaqalarning keng yoritilishida ishtirok etadi va hamkorlikda kibersport va Federatsiya faoliyatiga bagʻishlangan koʻrsatuvlar yoʻlga qoʻyish maqsad qilindi.
Jismoniy tarbiya va sport vazirligi
Matbuot xizmati
![]()
Дўстлар, сизга Миллий Олимпия қўмитасининг аҳил жамоаси иккинчи онлайн учрашувидан тайёрланган қисқа видеороликни улашаётганимиздан мамнунмиз. Бугун ёқимли хотиралар ҳақида суҳбат қурдик.
Улар ўтган тадбирлар ва ютуқларини хушкайфият билан эсладилар, шунингдек, ўзларининг келажакдаги ёрқин режалари ва ютуқлари билан бўлишдилар. Aнъанага кўра, Миллий олимпия қўмитаси президенти Шоабдураҳмонов Р.М. учрашувни якунлаб, ҳамжиҳатлик учун ҳамкасбларига миннатдорчилик билдирди ва карантин даврида ноанъанавий шароитда мустаҳкам ишлашда давом этишга ундади.
Миллий Олимпия Қўмитаси ушбу синовли дамда барча гуруҳларни телефонда қўнғироқлашишни унутмаган ҳолда бирдам ва ҳамжиҳат бўлишга, ҳатто масофадан туриб ишлашда ҳам барчамиз ҳамкасб ва дўст бўлиб қолишга чақиради!
Биргаликда барчасини бирга енгиб ўтамиз!
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси “МОҚ хабарлари” дастурининг учинчи сонини эътиборингизга ҳавола қилади. Бугунги чиқишимиз аввалгиларидан кўпроқ бўлди. Боиси дастуримиз бугунги кун санаси, жаҳон ва ўзбек спортидаги аҳамиятли янгиликлар, бир-биридан қизиқарли машғулотлар жамланмасини ўз ичида акс эттирган.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси “МОҚ хабарлари” информацион-кўнгилочар кўрсатувини эътиборингизга тақдим қилишда давом этади. Бугун лойиҳамизнинг иккинчи сонида 14 апрель санаси билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар, жаҳон спорти янгиликлари ва ёш спортчиларимизнинг кунни қандай ўтказаётгани ҳақида ҳикоя қиламиз. Шунингдек, дастур давомида халқ амалий санъати дурдоналари рукнида кулолчилик ҳақидаги лавҳа сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.
Азиз ҳамюртим, ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлиги учун уйда қолинг!
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси карантин кунлари ўз мухлислари ва спорт жонкуярларини зериктириб қўймаслик учун янги лойиҳаларни тақдим қилишда давом этади. Бугундан эътиборан “МОҚ хабарлари” номи остида янги информацион-кўнгилочар кўрсатувни эътиборингизга ҳавола қилиб борамиз.
Мухлисларимиз ушбу дастур давомида куннинг аҳамиятли тарихий воқеликлари, жаҳон ва ўзбек спорти коронавирус пандемиясини қандай енгиб ўтаётгани ҳақида қизиқарли маълумотлар, юлдуз спортчиларимиз билан интервьюларни томоша қилишлари мумкин. Марҳамат, “МОҚ хабарларининг” биринчи сонини томоша қилинг!
Карантин ҳақида ижобий фикр юритиш учун нима қилиш керак? (2-қисм)
Карантин ҳақида ижобий фикр юритиш учун нима қилиш керак? Яқинларингизга ғамхўрлик қилишнинг энг яхши усули қандай? Буларнинг барчасини кўрсатувимизнинг иккинчи сонидан психолог Aбдуллажон Бегматов билан ўтган суҳбат орқали билиб оласиз.
Қўрқув ва ҳаяжон билан қандай курашиш керак? (3-қисм)
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси психологи карантин вақтида ўзингиз ва яқинларингизни қандай ҳимоя қилиш борасида қимматли маслаҳатларини берди. Қўрқув ва ҳаяжон билан қандай курашиш керак? Инсон ўзини нима билан машғул қилиши керак? Ушбу саволларга қуйидаги видеода жавоб оласиз.
#Uyda qol! # hayotga qoʻshil! chellenjida faol qatnashing va qimmatbaho sovgʻalarni qoʻlga kiriting!
![]()
Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi Birlashgan Millatlar Tashkilotining Narkotiklar va jinoyatga qarshi kurash boshqarmasi hamkorligida “6-aprel – Taraqqiyot va tinchlik yoʻlida Xalqaro sport kuni” munosabati bilan yurtdoshlarimiz orasida uy sharoitida jismoniy tarbiya va sport bilan faol shugʻullanishni keng targʻib etish maqsadida oʻziga xos salomatlik aksiyasini eʼlon qiladi.
#uydaqol! #hayotgaqoʻshil! chellenjida qatnashish orqali siz nafaqat oʻz salomatligingizni mustahkamlaysiz, balki bu orqali qimmatbaho sovgʻalarni yutib olish imkoniyatiga ega boʻlasiz.
Buning uchun siz:
1) karantinda uyda qolib oila aʼzolaringiz bilan birga badantarbiya va sport mashqlarini bajaring hamda uni videoga olgan holda oʻzingizning ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalaringiz (Facebook, Instagram)ga joylang;
2) Ushbu videoni Jismoniy tarbiya va sport vazirligining ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalari (facebook.com/www.sport.uz, instagram.com/minsportuz)ga ulashing.
Shuningdek, vazirlik rasmiy sahifalarida bu xabar bilan boʼlishadi.
Videoroliklarni baholashda:
taqdim etilgan videorolikda tanlov ishtirokchisi yoki uning oila aʼzolari uy sharoitida sport bilan shugʻullanish jarayoni aks etganligi;
uyda sport bilan shugʻullanish jarayoniga kreativ yondashuvi;
videorolikning sifati;
ishtirokchi(lar)ning uyda qolib sport bilan shugʻullanishga daʼvat etgan (chaqiriq) boʻlishi;
videoroliklar 2 daqiqadan oshmasligiga eʼtibor qaratiladi.
Chellenj joriy yilning 6-26-aprel kunlari oraligʻida oʻtkaziladi. Har toʻrtinchi kunda chellenjning uch kunlik gʻoliblari aniqlanib, taqdirlab boriladi.
#uydaqol! #hayotgaqoʻshil! chellenjida faol ishtirok eting va sovgʻalarni qoʻlga kiriting.
Jismoniy tarbiya va sport vazirligi
Matbuot xizmati
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining “Oʻzbekistonda 2025-yil yoshlar oʻrtasida IV yozgi Osiyo oʻyinlarini oʻtkazishni tashkil etish toʻgʻrisida”gi qarori loyihasi normativ-huquqiy hujjatlar muhokamalari portaliga joylashtirildi. Quyida qaror loyihasi bilan toʻliq tanishishingiz mumkin.
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarori
Oʻzbekiston sport delegatsiyasi 2019-yilning 28-sentyabr kuni Qatarning Doha shahrida boʻlib oʻtgan Osiyo Olimpiya Kengashining 73-ijroqoʻm yigʻilishida ishtirok etdi.
Oʻzbekiston sport delegatsiyasi Osiyo Olimpiya Kengashi prezidenti Shayx Axmad Al-Faxad Al-Sabax hamda Osiyo Olimpiya Kengash aʼzolari bilan bir qator uchrashuvlar oʻtkazdi. Unda Oʻzbekistonda 2025-yilda yoshlar oʻrtasida IV yozgi Osiyo oʻyinlari va 2030-yilda XXI yozgi Osiyo oʻyinlari oʻtkazilishi masalalari muhokama qilindi.
Shuningdek, Ijroqoʻm kun tartibiga koʻra Toshkentda 2025-yilda yoshlar oʻrtasida IV yozgi Osiyo oʻyinlarini oʻtkazish boʻyicha 10 daqiqalik taqdimot oʻtkazildi.
Oʻzbekistonda 2025-yilda yoshlar oʻrtasida IV yozgi Osiyo oʻyinlarini oʻtkazish boʻyicha taqdimotdan soʻng, Oʻzbekistonda barcha sharoitlar, shu jumladan ushbu xalqaro musobaqani oʻtkazish boʻyicha zarur sport infratuzilmasini tayyorlash boʻyicha olib borilayotgan ishlarni inobatga olib, Osiyo Olimpiya Kengashi Toshkentda ushbu nufuzli tadbirni oʻtkazishga rozilik bildirdi.
Bundan tashqari, Oʻzbekistonda 2030-yilda XXI yozgi Osiyo oʻyinlari oʻtkazilishi boʻyicha taqdim qilingan talabnoma qabul qilindi
hamda 2020-2021-yillarda boʻlib oʻtadigan navbatdagi Osiyo Olimpiya Kengashining yigʻilishida koʻrib chiqilishi maʼlum qilindi.
Yoshlar oʻrtasidagi yozgi Osiyo oʻyinlari 43 ta xorijiy mamlakatdan, kamida 9 ta sport turidan 14-17 yoshli sportchilar oʻrtasida oʻtkaziladi.
Birinchi yoshlar oʻrtasida yozgi Osiyo oʻyinlari 2009-yilda Singapurda, 2013-yilda Nankin (Xitoy), 2017-yilda Xambantotada (Shri-Lanka), oʻtkazilgan boʻlsa, 2021-yilda Shantau (Xitoy), 2025-yilda Toshkent va Samarqand shahrida (Oʻzbekiston) oʻtkazilishi rejalashtirilgan.
Oʻzbekistonda 2025-yilda yoshlar oʻrtasida yozgi Osiyo oʻyinlarini oʻtkazish orqali mamlakatning obroʻsi, brend sifatida mamlakat toʻgʻrisidagi maʼlumotlar orqali mehmonlarning xabardorligini oshirish, mamlakat infratuzilmasini rivojlantirish, turizmni rivojlantirish va investitsiyalarni jalb qilish, nafaqat poytaxt, balki mamlakat hududlari qiyofasini yaxshilash natijasida mamlakatning ichki qiyofasiga ham oʻz ijobiy taʼsirini koʻrsatadi.
Shu bilan bir qatorda, jismoniy tarbiya va sportni rivojlantirish, jahon standartlariga toʻliq javob bera oladigan yagona sport infratuzilmasini yaratish borasida mamlakatning mavjud imkoniyatlaridan toʻliq foydalanilmayapti. Xususan:
birinchidan, mustaqillikka erishilgandan soʻng shu kunga qadar xalqaro talablarga javob bera oladigan sport infratuzilmasi (shu jumladan, olimpiya shaharchasi) yaratilmagan;
ikkinchidan, yirik xalqaro kompleks musobaqa oʻtkazish uchun xalqaro talablarga toʻliq javob bera oladigan logistika, transport infratuzilmasi mavjud emasligi bois, yozgi Osiyo va Olimpiya oʻyinlari Oʻzbekistonda shu kunga qadar oʻtkazilmagan.
Oʻzbekiston Respublikasida yirik nufuzli xalqaro sport musobaqalarini oʻtkazishga tayyorgarlik koʻrish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekistonda 2025-yil yoshlar oʻrtasida IV yozgi Osiyo oʻyinlarini oʻtkazishni tashkil etish uchun munosib infratuzilmani yaratishga moʻljallangan chora-tadbirlar dasturi (keyingi oʻrinlarda Dastur deb ataladi) 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekistonda 2025-yil yoshlar oʻrtasida IV yozgi Osiyo oʻyinlarini oʻtkazishni tashkil etish uchun munosib infratuzilmani yaratishga moʻljallangan chora-tadbirlar dasturini amalga oshirish boʻyicha respublika ishchi guruhi (keyingi oʻrinlarda ishchi guruh deb ataladi) tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Quyidagilar Dasturning asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:
Oʻzbekistonda 2025-yil yoshlar oʻrtasida IV yozgi Osiyo oʻyinlarini (keyingi oʻrinlarda musobaqalar deb ataladi) oʻtkazish boʻyicha tashkiliy masalalarni amalga oshirish;
musobaqalarni oʻtkazish boʻyicha xorijiy tajribani oʻrganish;
musobaqalarni oʻtkazish boʻyicha respublikada mavjud boʻlgan sport inshootlari, logistika, transport va mehmonxona infratuzilmalarini oʻrganish hamda yangilarini barpo etish boʻyicha takliflar tayyorlash.
3. Ishchi guruh (A.A. Abduxakimov):
musobaqalarni oʻtkazish boʻyicha tashkiliy masalalarni tezkor va sifatli hal etsin;
Dasturda nazarda tutilgan barcha tadbirlar toʻliq amalga oshirilishi yuzasidan masʼul vazirliklar, idoralar va mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyatini muvofiqlashtirsin;
oʻrganilgan xalqaro tajriba natijalarini tahlil qilish va musobaqalarni oʻtkazishni tashkil etishda samarali foydalansin;
mavjud infratuzilmalar quvvatini tahlil qilish asosida amalga oshirilishi zarur boʻlgan chora-tadbirlarni belgilash, qoʻshimcha infratuzilmalarni yaratishga boʻlgan sarf-xarajatlarni, shuningdek, taqdim etilgan maʼlumotlar, takliflar va hisob-kitoblarni kompleks tahlil qilish asosida takliflar ishlab chiqsin hamda 2021-yil 10-yanvarga qadar Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;
Dasturda nazarda tutilgan tadbirlarning oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirilishi yuzasidan ishlab chiqilgan hududiy dasturlarda belgilangan chora-tadbirlar oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirilishini taʼminlasin.
4. Quyidagilar:
musobaqalarni oʻtkazish boʻyicha tashkiliy masalalar bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Milliy olimpiya qoʻmitasiga ajratilgan byudjet mablagʻlari, xorijiy investorlarning mablagʻlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar;
musobaqalarni oʻtkazish uchun tanlovga buyurtma berish, badal puli, kafolat depoziti hamda Oʻzbekistonda musobaqalarni targʻibot (reklama) qilish uchun mablagʻlarni Osiyo Olimpiya Kengashiga oʻtkazib berish Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan 2025-yilgacha har yili Oʻzbekiston Milliy olimpiya qoʻmitasiga ajratilgan byudjet va xorijiy investorlarning mablagʻlari hisobidan amalga oshirilishi inobatga olinsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Jismoniy tarbiya va sport vazirligining buyurtmanomalariga muvofiq sport turlari boʻyicha xalqaro federatsiyalar (uyushmalar), Osiyo federatsiyalari (uyushmalari) va Osiyo Olimpiya Kengashi vakillariga vizalarni konsullik va boshqa yigʻimlar undirmasdan, zarur hollarda, Islom Karimov nomidagi “Toshkent” xalqaro aeroportida rasmiylashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazir oʻrinbosari – Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri
A. Aripov
Jismoniy tarbiya va sport vazirligi
Matbuot xizmati
Қўрқув ва ҳаяжон билан қандай курашиш керак? (1-қисм)

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси психологи карантин вақтида ўзингиз ва яқинларингизни қандай ҳимоя қилиш борасида қимматли маслаҳатларини берди. Қўрқув ва ҳаяжон билан қандай курашиш керак? Инсон ўзини нима билан машғул қилиши керак? Ушбу саволларга қуйидаги видеода жавоб оласиз.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг COVID-2019 Пандемиясига қарши курашда спорт жамоатчилиги, федерация (ассоциация)лар ва қўмита ходимларига баёноти.
Азиз ҳамюртим, ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлиги учун уйда қолинг!
Карантин – бу оила даврасида қолиб, уй юмушларига ёрдамлашиш, шу билан бирга спорт машғулотларини канда қилмаган ҳолда китоб мутолааси билан шуғулланиш учун ҳам ажойиб имкониятдир. Карантин даврида уйда қолинг, спорт билан шуғулланинг ва албатта китоб ўқинг.
Сабина Умарова – енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзоси

Jismoniy tarbiya va sport vazirining tegishli buyrugʻi bilan vazirlik tizimida faoliyat koʻrsatayotgan barcha taʼlim muassasalari, jumladan Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti, Respublika Olimpiya zaxiralari maktab-internatlari, Olimpiya va milliy sport turlariga ixtisoslashtirilgan maktab internatlar, IBOʻSMlar, BOʻSMlaridagi pullik va bepul toʻgaraklar, shuningdek, yopiq suzish havzalaridagi barcha toʻgaraklar nomuayyan muddatga taʼtilga chiqarilgan edi.
Shunday boʻlsada, aholi oʻrtasida boʻsh vaqtni mazmunli tashkil etishda uy sharoitida sport bilan muntazam shugʻullanishni tashkil etish borasida Jismoniy tarbiya va sport vazirligi tomonidan bir qator ishlar amalga oshirilmoqda.
Jumladan, Sirdaryo viloyatidagi barcha bolalar-oʻsmirlar sport maktabi sportchi oʻquvchilari karantin davrida kunni mazmunli oʻtkazish hamda sport formasini bir maromda ushlab turish maqsadida uydan chiqmagan holda ertalabki badantarbiya va sport mashgʻulotlarini trenerlar tomonidan berilgan koʻrsatmaga asosan “Biz uyda qolib dunyoni qutqaramiz”, “Koronavirusga qarshi bir safdamiz”, “Virusdan ishonchli himoya menining uyim” kabi shiorlar ostida mashgʻulotlarni uy sharoitida davom ettirishmoqda.
Sport bilan shugʻullanish yoki har kuni juda boʻlmaganda yarim soat jismoniy mashqlarni bajarish va faol boʻlish, turli kasalliklarga nisbatan immunitet hosil qiladi, qon aylanish jarayoni tezlashtiradi, ruhan mustahkamlikka erishishga yordam beradi, tanada ortiqcha yogʻlar hosil boʻlishini oldini oladi. Bu esa hozirgi paytda juda ham muhim. Bizga berilgan ana shu bebaho imkoniyatdan toʻgʻri foydalanaylik. Karantin vaqtida kundalik hayotda ham sogʻligʻingizni asrashni va unga befarq boʻlmaslikni oʻzingiz hal eting va xulosa chiqaring.
Jismoniy tarbiya va sport vazirligi Matbuot xizmati
Хабарингиз бор, айни кунларда дунё бўйлаб кенг тарқалиб бораётган ва инсоният саломатлигига катта хавф туғдираётган коронавирус пандемияси мамлакатимизга ҳам кириб келди.
Шу муносабат билан, 2020 йил 16 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги барча таълим ва спорт муассасалари номаълум муддатга ёпилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудида ўтказиладиган барча спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоклари ҳамда бошқа ички мусобақалар ҳам номаълум муддатга қолдирилди.
Халқаро олимпия қўмитаси томонидан Токио-2020 Олимпиадасини 2021 йилда ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилингандан сўнг Олимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзолари учун ташкил этиладиган барча ўқув-машғулот йиғинлари расман 25 мартдан вақтинча тўхтатилди.
Бунгача мамлакат терма жамоалари аъзоларининг XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўришлари учун уларга бириктирилган спорт базаларида режалаштирилган ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этилган эди.
Лицензион мусобақаларнинг саналари аниқ бўлгунга қадар миллий терма жамоа аъзолари ўз уйларида индивидуал режа асосида машғулотларни мураббийлар томонидан ишлаб чиқилган кунлик тайёргарлик режалари асосида олиб борадилар.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси томонидан ташкил этилган “Тезкор штаб” Миллий терма жамоа спортчиларининг индивидуал режа асосида кунлик машғулот ўтказишларини доимий тарзда мониторинг қилиб боради.
Бундан ташқари Миллий терма жамоа бош мураббийлари томонидан масофали машғулотлар онлайн тарзда олиб борилади ҳамда вазиятдан келиб чиққан ҳолда спортчиларни индивидуал ҳолатига қараб керакли маслаҳатлар бериб борилиши таъминланади.
Маълумот учун: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Спорт” телеканали билан ҳамкорликда карантин даврида соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда спорт билан шуғулланиб туриш борасида аҳоли учун тавсия шаклида махсус теледастурлар тайёрланиб эфирга узатилиши йўлга қўйилди. Хусусан, спорт тренерлари иштирокида уй шароитида қай тарзда машғулотлар олиб бориш бўйича маслаҳатлар акс этган 10 дақиқалик видеодарслар “Sport TV” телеканали орқали ҳар куни намойиш этиб борилаяпти.





