Узбекнефтегаз Узатлетикс
(+998 71) 241-13-65
email: FLAU@exat.uz uzb@mf.worldathletics.org
Проспект И. Каримова д.98 А
Citius, Altius, Fortius!

Устав

 1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1.  O'ZBEKISTONYENGILATLETIKA FEDERATSIYASI(бундан кейин - «Федерация» деб номланади) ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган, маънавий ва ўзга номоддий эҳтиёжларни қаноатлантириш учун ўз манфаатларининг муштараклиги асосида фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган жамоат бирлашмаси ташкилий-ҳуқуқий шаклида тузилган нодавлат нотижорат ташкилотидир.

1.2.  Федерациянинг расмий номи:

-       ўзбек тилида тўлиқ - O'ZBEKISTONYENGILATLETIKAFEDERATSIYASI;

-       қисқартирилган - O’zYAF.

-       рус тилида тўлиқ ФЕДЕРАЦИЯ ЛЕГКОЙ АТЛЕТИКИ УЗБЕКИСТАНА;

-       қискартирилган ФЛАУ.

-       инглиз тилида тўлиқ - ATHLETICS FEDERATION OF UZBEKISTAN;

-       қисқартирилган - AFU.

1.3.  Федерациянинг жойлашган жойи (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, 100027, Тошкент шаҳар, Шайхонтохур тумани, Ўзбекистон кўчаси, 98а уй. Федерация раҳбар органлари ушбу кўрсатилган манзилда жойлашган.

1.4.  Федерация ўз аъзоларининг ихтиёрийлиги, тенг ҳуқуқлилиги, ўзини-ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилган ва ҳаракат қилади.

1.5.  Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ҳамда мазкур Уставга мувофиқ амалга оширади.

1.6.  Федерация ўз аъзоларининг манфаатларини Ўзбекистон Республикасида ва ундан ташқарида, ҳалқаро ва миллий спорт ташкилотларда ифодалайди, шунингдек Енгил атлетика федерацияларининг халқаро ассоциацияси (International Association of Athletics Federations  - ИААФ) ва Осиё енгил атлетика ассоциациясида (Asian Athletics Association - ААА) ифодалайди.

1.7.  Федерация нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ўз мақомига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ ва йиғимларни  ҳамда бошқа мажбурий тўловларни бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тулайди, шунингдек имтиёзлардан фойдаланади.

1.8.  Федерация номуайян муддатга тузилган бўлиб, у ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширади.

1.9.  Федерация давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳисобланади.

1.10. Федерация қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси бўлишга ёки уларнинг устав фондида (устав капиталида) бошқача тарзда иштирок этишга, ваколатхоналар очишга ва филиаллар ташкил этишга ҳақлидир.

1.11. Федерация ўзининг тўлиқ номи давлат ва инглиз тилларида ифодаланган думалоқ муҳрига эга. Федерация номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатга олинган ўз рамзий белгиларига, байроғига, вимпелига ва бошқа белгиларига эга бўлишга ҳақлидир.

1.12. Федерация ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка, миллий, чет эл ва халқаро валютасида банк ҳисоб рақамларига эга бўлади, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши ҳамда ўз номидан ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.

1.13. Федерация ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли барча мол-мулк билан жавоб беради.

1.14. Федерациянинг аъзолари Федерацияга мулк қилиб берган мол-мулкларга, шу жумладан аъзолик бадалларига бўлган ҳуқуқларини сақлаб қолмайдилар. Улар аъзо сифатида қатнашаётган Федерациянинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар, Федерация ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

1.15. Давлат ва унинг органлари Федерациянинг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди, худди шунингдек Федерация ҳам давлат ва унинг органлари мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.

1.16. Федерация даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ва олинган даромадларни (фойдани) аъзолари (катнашчилари) уртасида таксимламайди.

2. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

2.1.Федерациянинг асосий мақсади - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида енгил атлетика спорт турини ривожлантириш, тарғиб қилиш ва оммавийлаштириш.

2.2.Федерациянинг вазифалари қуйидагилар:

-       Ўзбекистон Республикасида енгил атлетика спортини ривожлантириш, бу спорт тури моддий базасини мустаҳкамлаш ва оммавийлаштириш;

-       шахснинг ҳар томонлама ва уйғун камол топишида жисмоний тарбия ва спортнинг ўрнини ошириш, соғлом авлодни тарбиялаш;

-       ёшлар, ишчилар, хизматчилар, талабалар, ўқувчилар ва аҳолининг бошқа тоифаларини спорт билан шуғулланишга жалб этиш;

-       корхоналарда, ўқув масканлари, мактабларда, спорт ташкилотларида ва турар жойларда спорт билан шyғyллaниш учун зарур бўлган моддий-техникавий базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш.

 3. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ФАОЛИЯТ ЙУНАЛИШЛАРИ

3.1.  Федерация фаолиятининг йуналишлари қуйидагилар:

-       енгил атлетика спорт турини ривожлантириш, соғлом авлодни тарбиялаш ва ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб этиш;

-       ўз аъзолари билан ташкилий-услубий ва спорт-соғломлаштириш ишларини ўтказиш;

-       якка ва гуруҳ тартибида спорт машғулотлари, йиғинлapи, бошқа тайёрлов спорт тадбирларини ташкил этиш, ўтказиш ва моддий-техникавий таъминлаш;

-       миллий ва халқаро даражаларда ўтказилаётган енгил атлетика бўйича мусобақаларда қатнашиш учун спортчиларни тайёрлаш;

-       маҳаллий, минтақавий, республика, халқаро ва жаҳон енгил атлетика мусобақаларни ўтказиш, шунингдек бундай мусобақаларда қатнашиш ва уларни ўтказишда, молиявий ва моддий-техникавий таъминлашда ёрдам бериш;

-        ўз ходимлари, жалб этилган шахслар ва бошқа спорт ташкилотларнинг ходимлари малакасини ошириш юзасидан тадбирлар ташкил қилиш ва амалга ошириш;

-       Ўзбекистон Республикасининг спорт ташкилотларига, жамиятларига ва клубларига, етакчи спортчиларга, мутахассисларга ҳамда енгил атлетикани ривожлантиришда иштирок этган шахсларга молиявий, моддий, техникавий ва услубий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қуватлаш;

-       белгиланган тартибда хайрия фаолиятини амалга ошириш;

-       Ўзбекистон Республикасининг спортда эришган ютуқларига бағишланган машғулотлар, тренинг, лекциялар, семинарлар, симпозиумлар, конференциялар, учрашувлар, мунозаралар, давра суҳбатлари, музокаралар, тақдимотлар, танловлар, кўргазма ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш;

-       Федерация ходимлари, спортчилар ва аъзоларини спорт соғломлаштириш масканларида дам олишни ташкил этиш;

3.2.   Қонун ҳужжатлари талабларига кўра Федерациянинг айрим фаолият турлари тегишли лицензиялар (рухсатнома) асосида амалга оширилади.

 4. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

4.1.  Федерация қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-       Федерация аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар олдида ифода қилиш ва ҳимоя қилиш;

-       ижтимоий ҳаётнинг турли масалалари бўйича ташаббуслар билан чиқиш ва бу борада давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

-       қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорлари лойихаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

-       белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш ва оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш;

-       қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларига кириш, улар билан тўғридан-тўғри халқаро алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик тўғрисида тегишли битимлар тузиш;

-       уставда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни эркин тарқатиш;

-       қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз рамзий белгиларини таъсис этиш;

-       ўзининг фаолиятига доир масалалар бўйича йиғилишлар, семинарлар, конференцияларни ўтказиш;

-       қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳудудий бўлимларини ташкил қилиш, ваколатхоналар ва филиаллар очиш;

-       мол-мулкка эга бўлиш ва ихтиёрий хайрия, грантлар ва бошқа маблағларни олиш;

-       қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан уставдаги вазифаларни бажариш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган корхоналар ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар барпо этиш.

4.2. Федерациянинг мажбуриятлари қуйидагилар:

-       Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, ўзининг фаолияти доирасида умумэътироф этилган тамойилларга ва халқаро меъёрларга, шунингдек мазкур Устав ва бошқа ҳужжатлари билан белгиланган меъёрларга риоя қилиш;

-       ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

-       рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш ҳамда тадбирларни ўтказишда унинг розилигини олиш;

-       белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар такдим этиш.

3.4. Федерация қонун ҳужжатларига мувофиқ ва мазкур Уставда белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва мажбуриятларни ўз зиммасига олиши мумкин.

 5. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА ПУЛ МАБЛАҒАРИ ҲАМДА УЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ

5.1.  Федерация мазкур Уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган бино, иншоот, турар жой майдони, тегишли жиҳозларга, инвентарлар ва пул маблағларига, шу жумладан чет эл валютасига ва қимматли қоғозларга ҳамда бошқа мол-мулкларга эгалик қилиши мумкин. Федерация ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатлари талаблари асосида ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки билан жавоб беради.

5.2.  Федерациянинг мол-мулки ва пул маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

-       Федерация аъзоларининг бир маротаба ва мунтазам тўлаб турадиган пул ёки моддий маблағари;

-       кириш ва аъзолик бадаллари;

-       юридик ва жисмоний шахсларнинг бeғapaз хайриялари;

-       банклар ва бошқа қарз берувчиларнинг кредитлари;

-       мерос тариқасида ва coвғa қилиш (ҳадя) йули билан олинадиган мол-мулк;

-       ишлаб чиқариш, хўжалик ва ноширлик фаолиятидан олинадиган даромадлари;

-       спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилишидан олинган даромадлар;

-       Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

5.3.  Федерация ўз мол-мулкига нисбатан қонунда белгилаб қўйилган доирада эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади, шу жумладан ижарага беради, эскирганини сотади ва сотиб олади.

5.4.  Федерация ўз мол-мулкидан фақат уставда белгиланган мақсадлар учун фойдаланади. Федерация ўз мулки билан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳолда ҳаракат қилади.

5.5.  Федерация ўз фаолиятини кенгайтириш, такомиллаштириш ва ривожлантириш мақсадларида бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг қўшимча пул маблағарини жалб этиш ҳуқуқига эгадир.

5.6.  Федерациянинг ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар Федерация аъзолари ўртасида тақсимланмайди ва ундан фақат устав вазифаларини бажариш учун фойдаланилади.

 6. ФЕДЕРАЦИЯ АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

6.1.  Федерацияга аъзолик ихтиёрий бўлиб, унга якка ва жамоавий тартибда аъзо бўлишлари мумкин.

6.2.  Федерациянинг якка тартибдаги аъзолари жинси, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеи, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди ва бошқа ҳолатлардан қатъий назар 18 (ўн саккиз) ёшга тўлган жисмоний шахслар бўлиши мумкин.

6.3.  Федерация жамоа аъзолари - корхона, муассаса ва ташкилотларнинг меҳнат жамоалари бўлиши мумкин.

6.4.  Федерация аъзолигига қабул қилиш ва аъзолигидан чиқариш бу ҳақида берилган ариза асосида Федерация Ижроия қўмитаси томонидан амалга оширилади.

6.5.  Федерация аъзолари қуйидаги ҳукукларга эга:

-       қонун ҳужжатларида ва Уставда белгиланган тартибда Федерация фаолиятини бошқаришда иштирок этиш ҳамда Федерация фаолияти тўғрисида ахборот олиш;

-       Федрация раҳбар органларини сайлаш ва уларга сайланиш;

-       Федерация тадбирларида иштирок этиш, Федерация томонидан ўтказилаётган ва ташкил этилаётган спорт машғулотларида қатнашиш;

-       Федерация фаолиятининг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, Федерация бошқарув органларига таклифлар киритиш;

-       Федерация бошқа аъзоларининг ёки Федерация раҳбар органларининг розилигидан қатъи назар исталган вақтда Федерация аъзолигидан чиқиш.

6.6.  Федерация аъзоларнинг мажбуриятлари:

-       Федерация Уставига риоя этиш;

-       ушбу Уставга мувофиқ. белгиланган тартибда, муддатларда ва миқдорда кириш ва аъзолик бадалларни тўлаш;

-       Федерация фаолиятини амалга оширишда ёрдам бериш;

-       Федерация раҳбар органларининг қарорлари ва Федерацияга нисбатан ўзига олган мажбуриятларни ижро этиш.

6.7.  Федерация аъзоси вафот этган тақдирда унинг аъзолиги тугатилган ҳисобланади.

6.8.  Федерация аъзоси ўз мажбуриятларини қўпол бузган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан Федерациянинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда Федерациядан унинг Ижроия қўмитаси қарори асосида чикарилади.

 7. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ТУЗИЛМАСИ ВА РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

7.1.  Федерация фаолияти унинг раҳбар органлари, яъни Федерациянинг олий ва ижро этувчи органлари томонидан амалга оширилади.

7.2.  Федерациянинг олий органи Конференция ҳисобланиб, унинг йиғилишлари 4 (тўрт) йилда камида бир маротаба ўтказилади. Навбатдан ташқари Конференция Федерация аъзоларининг камида 2/3 қисми талаби билан ёки Федерация Ижроия қўмитасининг қарори билан ёҳуд Тафтиш комиссиясининг талаби билан чақирилиши мумкин.

7.3.  Ижроия қўмитаси Федерациянинг ижро этувчи органи ҳисобланиб, Конференция оралиғидаги даврда Федерация фаолиятига раҳбарлик қилади. Ижроия қўмитасининг мажлислари зарурат тyғилгaнидa, аммо йилига камида 3 (уч) маротаба ўтказилади.

7.4.         Конференциянинг мутлақ ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

-       Федерация фаолиятининг истиқболли йуналишларини ҳамда устав мақсад ва вазифаларини амалга оширилишининг узоқ муддатли дастурларини тасдиқлайди;

-       Федерация фаолияти устидан умумий назоратни амалга оширади;

-       Федерацияни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатишга доир қарорлар қабул қилади;

-       Федерация Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, Уставни янги таҳрирда тасдиқлайди;

-       Федерация Президенти, Вице-президентлари ва Бош котибини 4 (тўрт) йил муддатга сайлайди, уларнинг ваколат муддатларини узайтиради ёки муддатидан илгари тўхтатади, уларга тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорини белгилайди;

-       Тафтиш комиссиясини 3 (уч) кишидан иборат таркибда, яъни раис ва икки аъзосини 4 (тўрт) йил муддатга сайлайди, унинг ваколат муддатларини узайтиради ёки муддатидан илгари тўхтатади, уларга тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорини белгилайди;

-       Федерация Ижроия қўмитаси ва Тафтиш комиссияси ҳисоботлари ва хулосаларини эшитади ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилади;

7.5.         Конференциянинг мутлак ваколатлари жумласига киритилган масалалар Федерациянинг Ижроия қўмитаси томонидан хал этиши учун топширилиши мумкин эмас.

7.6.         Конференция делегатлари таркиби қуйидагилардан иборат:

-       Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир минтақасидан (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардан) ушбу минтақада доимий яшовчи якка тартибдаги аъзолар томонидан сайланган битта вакил;

-       ҳар бир жамоа аъзосидан у меҳнат жамоаси томонидан сайланган битта вакил;

-       Федерация Ижроия қўмитасининг барча аъзолари лавозими бўйича;

-       Федерация Тафтиш комиссияси раиси лавозими бўйича;

-       Федерация Мураббийлар кенгашининг барча аъзолари лавозими бўйича.

7.7.  Сайланган делегатларнинг ваколатлари эркин шаклида тузилган тегишли баённомалар билан тасдиқланади.

7.8.    Лавозими бўйича делегатларнинг ваколатлари Федерация Президенти ёки ишончнома  берилган Вице-президентлардан бири томонидан тасдиқланади.

7.9.         Ҳар бир делегат Конференцияда битта овозга эга бўлади ва Конференцияда рўйхатдан ўтмаган делегатлар овоз бериш ва иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.

7.10.    Конференция ўтказиладиган куни, вақти ва тартиби, Федерация аъзоларига унинг ўтказилиши ҳақида хабар қилиш вазифаси, ҳамда Конференция кун тартибидаги масалалар юзасидан делегатларга бериладиган маълумотлар Федерация Ижроия қўмитаси томонидан белгиланади.

7.11.    Федерация аъзоларига Конференция ўтказиш санаси ҳақида камида 30 (ўттиз) календарь куни аввал хабардор этилиши лозим.

7.12.    Конференция ўтказилиши тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситалари (матбуот, телевидение, радио, Интернет) орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

7.13.    Конференция унда иштирок этиш учун делегатларининг камида 51 (эллик бир) фоизи рўйхатдан ўтган тақдирда ҳақиқий (кворумга эга) бўлади.

7.14.   Конференция қарорлари Конференция йиғилишида рўйхатдан ўтган делегатларнинг кўпчилиги билан очиқ овоз бериш йўли орқали қабул қилинади.

7.15.  Федерация Ижроия қўмитаси Конференция баённомасини ташкиллаштиради. Конференциянинг баённомаси Конференция ўтказилгандан сўнг 3 (уч) кундан кечиктирилмай Конференцияда раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.

7.16. Ижроия қўмитаси таркиби қуйидагилардан иборат:

-       Федерация Президенти;

-       Федерация Вице-президентлари;

-       Федерация Бош котиби;

-       Федерация Ижрочи директори;

-       Енгил атлетика миллий терма жамоалари Бош мураббийи;

-       Ҳакамлик ҳайъати раиси;

-       Комплекс-илмий гуруҳ раиси;

-       Техник комиссия раиси.

7.17. Ижроия қўмитаси қарори асосида унинг таркибига бошқа шахслар ҳам киритилиши мумкин.

7.18. Федерация Ижроия қўмитаси ваколатига қуйидагилар киради:

-       навбатдаги ва навбатдан ташқари Конференцияни чақириш ва кун тартибини белгилаш;

-       қонун ҳужжатларига мувофиқ Федерациянинг ҳудудий бўлим ва бўлинмаларини (ваколатхона ва филиалларини) очиш, шунингдек тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳамда уларнинг раҳбарларини лавозимига сайлаш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш, уларга тўланадиган маош ва компенсациялар миқдорини белгилаш;

-       Федерация аъзолигига қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш, аъзолик бадалларни тўлаш тартиби ва миқдорларини белгилаш ҳамда Федерация аъзоларини моддий рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

-       Федерация фаолиятини белгиланган тартибда аудиторлик текширувидан ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;

-       Йирик битимларни (энг кам иш ҳақининг 100 баробаридан ортиқ миқдорда) тузиш ҳақида қарор қабул қилиш;

-       Календарь режада назарда тутилган Мураббийлар кенгаши томонидан тасдиқланган ҳудудий ва халқаро спорт тадбирларини молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

-       Федерациянинг рамзий белгиларини тасдиқлаш.

7.19. Ижроия қўмитасининг мажлиси Федерация Президенти, Вице-президентлари ёки Бош котиби томонидан уларнинг ўз ташаббуси, Ижроия қўмитаси аъзосининг ёки Тафтиш комиссияси раисининг талабига кўра чақирилади.

7.20.    Ижроия қўмитаси мажлиси қарорлари оддий кўпчиликнинг очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Ижроия қўмитаси унинг таркибидаги аъзоларининг камида ярмидан кўпи мавжуд бўлганида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Овозлар тенг бўлган тақдирда мажлисда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.

7.21.    Ижроия қўмитаси мажлисда Мураббийлар кенгаши аъзолари маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этишлари мумкин.

7.22.    Ижроия қўмитаси мажлисини чақириш ва ўтказиш учун Федерация Президенти, Вице-президентлари ёки Бош котиби барча Ижроия қўмитаси аъзолари билан мажлиснинг қулай санаси ва кун тартибини келишиб олади.

7.23.    Ижроия қўмитаси мажлисини ўтказиш санаси ҳақида Федерация Президенти, Вице-президентлари ёки Бош котиби Ижроия қўмитасининг барча аъзоларини ёзма ёки оғзаки шаклда, мажлис санасидан камида 5 (беш) кун аввал хабардор этади.

7.24.    Ижроия қўмитаси аъзоларининг ярмидан ортиқ қисми Федерация Президентига, Вице-президентлари ёки Бош котибига ўзларининг ушбу куни мажлисга кела олмаслигини билдирса, мажлис бошқа кунга кўчирилади.

7.25.    Федерация Ижроия қўмитаси мажлиси баённома билан расмийлаштирилади.

7.26.    Ижроия қўмитаси мажлиси баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг 3 (уч) кундан кечиктирилмай мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.

7.27.    Ижроия қўмитасининг иши фолиятига Федерация Президенти раҳбарлик қилади.

7.28.    Федерация Президенти ушбу Уставда белгиланган тартибда Конференция томонидан лавозимига сайланади ва лавозимидан озод қилинади. Федерация Президенти Федерацияга бошчилик қилади ва Ижроия қўмитасининг раҳбари ҳисобланади.

Федерация Президенти айрим сабабларга кўра йўқлигида (хизмат сафари, меҳнат таътили, вақтинча меҳнат лаёқатсизлиги ва бошқа ҳолатлар) Федерация ва Ижроия қўмитаси ишига раҳбарликни, шунингдек мажлисларида раислик қилишни, Вице-президентлардан бири (ишончнома асосида) ёки Бош котиб амалга оширади.

7.29.    Федерация Президентининг ваколатлари қуйидагилар:

-       Федерация Ижроия қўмитаси фаолиятига раҳбарлик қилади;

-       Федерация номидан зарур бўлган тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ва имзолайди;

-       Федерация номидан ишончномасиз иш юритади, Федерациянинг манфаатларини халқаро ва республика даражасидаги муассасаларда ва ташкилотларда ифодалайди;

-       Федерация номидан вакиллик қилиш ҳуқуқи учун ишончномалар беради;

-       Федерация Конференциясининг қарорларини бажаради.

-       Меҳнатга оид қонун ҳужжатларига мувофиқ Ижрочи директорни лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади, ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади ва уларни бекор қилади, ходимларга нисбатан рағбатлантириш чораларини кўради, интизомий жазоларни қўллайди;

-       енгил атлетика миллий терма жамоаси таркибини тасдиқлайди, шунингдек халқаро мусобақаларда, конференцияларда, симпозиумларда ва бошқа спорт тадбирларда иштирок этиш учун спортчиларни ва Федерациядан вакиллар номзодларини тасдиқлайди;

-       ушбу Устав билан Конференция ваколатлари жумласига киритилмаган Федерацияни бошқариш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади;

7.30.    Федерация Вице-президентлари ушбу Уставда белгиланган тартибда Конференция томонидан лавозимига сайланади ва лавозимидан озод қилинади.

7.31.   Федерация Вице-президентларининг фаолият йўналишлари бўйича ваколатлари қуйидагилар:

-       Федерация Президентининг ишончномаси бўйича Федерациянинг манфаатларини халқаро ва республика даражасидаги муассасаларда ва ташкилотларда ифодалайдилар;

-       ушбу Устав билан Конференция, Ижроия қўмитаси ва Президентнинг мутлоқ ваколатига киритилмаган бошқа ваколатларни амалга оширади;

-       Федерация раҳбар органларининг қарорлари ва буйруқларини бажаради;

-       Федерация Президенти айрим сабабларга кўра ўз иш жойида бўлмаган вақтлар унинг ваколатларини амалга оширади (ишончнома асосида).

7.32.    Федерация Бош котиби ушбу уставда белгиланган тартибда Конференция томонидан лавозимига сайланади ва лавозимидан озод қилинади.

7.33.        Федерация Бош котиби:

-       Ўзбекистон Республикасида Федерация номидан ишончномасиз иш юритади, Федерациянинг манфаатларини халқаро ва республика даражасидаги муассасаларда ва ташкилотларда, шу жумладан барча юридик ва жисмоний шахслар олдида ифодалайди;

-       Меҳнатга оид қонун ҳужжатларига мувофиқ Президент номенклатурасига кирмайдиган ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади ва уларни бекор қилади, ходимларга нисбатан рағбатлантириш чораларини кўради, интизомий жазоларни қўллайди;

-            Федерация Конференциясининг, Ижроия қўмитаси, Президенти ва Вице-президентлари ваколатлари жумласига киритилмаган ва улар томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади;

-       ҳисобот ва молиявий ҳужжатларда биринчи имзо ҳуқуқидан фойдаланади;

-       ҳисобот ва молиявий ҳужжатларни иккинчи имзо қўйиш ҳуқуқи билан бошқа шахсларни Президент ёки ишончнома берилган Вице-президентлардан бири  билан келишилган ҳолда тайинлайди;

-       Федерация мулкини тасарруф этади ва Федерация номидан битимлар тузади, банк муассасаларда Федерациянинг ҳисоб варақларини очади, улардан фойдаланади ва уни ёпади;

7.34.    Федерация Ижрочи директори:

-       Федерация Ижрочи директори Федерация ижроия аппаратининг ишига жорий раҳбарликни амалга оширади ва у ушбу Уставда белгиланган тартибда Федерация Президенти билан келишилган ҳолда Бош котиб томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

-       Федерацияни бошқариш бўйича техник ишини ташкил этади;

-       Федерация Конференцияси, Ижроия қўмитаси, Президенти, Вице-президентлари ва Бош котибнинг ваколатлари жумласига киритилмаган Федерацияни бошқариш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

7.35.    Енгил атлетика миллий терма жамоалари Бош мураббийи ва Ҳакамлик ҳайъати раиси Ижроия қўмитаси таркибига лавозими бўйича киритилади.

7.36.    Федерация Мураббийлар кенгаши Федерация Ижроия қўмитаси ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланади. Мураббийлар кенгаши таркибига Енгил атлетика миллий терма жамоалари Бош мураббийи ва турлар бўйича барча катта мураббийлар лавозими бўйича кирадилар.

7.37.    Мураббийлар кенгаши:

-       енгил атлетика миллий терма жамоасини шаклантириш учун, шунингдек халқаро мусобақаларда, конференцияларда, симпозиумларда ва бошқа спорт тадбирларда иштирок этиш учун спортчилар номзодларни Ижроия қўмитасига тавсия этади;

-       енгил атлетика мусобақаларни ўтказиш ва мусобақага киритилаётган спортчиларнинг иштирок этиши тўғрисида таклифларни такдим этади;

-       Ижроия қўмитасига Календарь режага киритилган ҳудудий ва халқаро спорт тадбирларини ўтказиш бўйича таклифлар киритади.

7.38.    Федерация ўз фаолияти мақсадларига эришиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ходим ва мутахассисларни ёллайди.

7.39.    Доимий ва вактинча ишловчи ходимларнинг ташкилий таркиби, сони Федерация Президенти ёки ишончнома берилган Вице-президентлардан бири билан келишилган ҳолда Федерация фаолиятининг жорий ва лойиҳа режасига мувофиқ Бош котиб томонидан тасдиқланади.

7.40.    Тафтиш комиссияси:

-       Федерациянинг мол-мулки ва пул маблағларидан самарали ва тўғри ишлатилишини текширади ҳамда текшириш натижалари бўйича Конференцияга ҳисобот бериб боради;

-       тафтиш комиссияси аъзолари ва унинг раиси Конференция томонидан 4 (тўрт) йил муддатга сайланади. Тафтиш комиссияси аъзолари Федерациянинг раҳбар органлари аъзолари таркибига сайланиши мумкин эмас.

-       мажбурий тартибда Федерациянинг йиллик ҳисоботларини ва бухгалтерия балансларини текшириб боради.

-       Федерация фаолиятини белгиланган тартибда аудиторлик текширувидан ўтказиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

-       Федерациянинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш Тафтиш комиссиясининг ташаббусига ёки Конференциянинг қарорига бир йиллик ёки бошқа давр учун фаолият якунларига кўра амалга оширилади.

7.41.    Тафтиш комиссиясининг талабига биноан Ижроия қўмитаси, шунингдек Федерациянинг ходимлари оғзаки ёки ёзма шаклда зарур тушунтиришлар беришлари лозим.

7.42.    Конференция қарори асосида Тафтиш комиссиясининг аъзоларига ҳақ тўлаш ва уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳаражатларини компенсация қилиш мумкин. Бундай ҳақ ва компенсация миқдори Конференция томонидан белгиланади.

 8.  ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ҲУДУДИЙ БЎЛИМ ВА БЎЛИНМАЛАРИ

8.1.  Федерация Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарларда ўзининг ҳудудий бўлимлари ва бўлинмалари (ваколатхона ва филиаллари)ни ташкил этиши мумкин. Ҳудудий бўлим ва бўлинмалар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил қилинади.

8.2.  Ҳудудий бўлимлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтгандан кейин алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлиши мумкин. Улар Федерация Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган ва ўрнатилган тартибда адлия органларида давлат рўйхатидан ўтган ўз уставлари асосида фаолият юритадилар.

8.3.  Юридик шахс мақомига эга бўлмаган Федерациянинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари (ваколатхона ва филиаллари) ўрнатилган тартибда адлия органларида ҳисоб рўйхатидан ўтиб, улар мазкур Устав ва Федерация Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган низомлар асосида ўз фаолиятини амалга оширади.

8.4.  Федерация ҳудудий бўлимлари ва бўлинмаларнинг раҳбарлари Федерация Ижроия қўмитаси томонидан 4 (тўрт) йил муддатга сайланади, улар ўз уставлари ёки низом ва берилган ишончнома асосида фаолият юритадилар. Ҳудудий бўлим ва бўлинмалар Федерация номидан фаолият кўрсатадилар ва ўз фаолиятлари учун жавобгар ҳисобланадилар.

8.5.  Федерация ҳудудий бўлимлари ва бўлинмаларнинг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари, уларнинг низом ва уставларида белгиланади.

9. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТИ

9.1. Федерация ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солик ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тавдим этади.

10. ФЕДЕРАЦИЯ УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ

10.1. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш (Уставни янги таҳрирда тасдиқлаш) Конференция қарори асосида рўйхатдан ўтган делегатларнинг камида 2/3 қисми овози билан амалга оширилади. Конференцияда делегатларнинг иштирок этган тақдирда у қарор қабул қилишга ваколатли ҳисобланади.

10.2. Федерациянинг уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг юридик кучга эга бўлади.

11. ФЕДЕРАЦИЯНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

11.1. Федерацияни қайта ташкил этиш Конференция қарорига биноан бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йули билан амалга оширилади. Федерацияни қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

11.2. Федерацияни тугатиш Конференция қарори билан ёки суд қарори асосида амалга оширилади. Федерацияни тугатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

11.3. Федерацияни тугатиш юзасидан қарор Конференцияда иштирок этаётган делегатларнинг камида 2/3 қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Конференция томонидан Федерацияни давлат рўйхатига олган орган билан келишган ҳолда тугатиш комиссияси тайинланади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатиш тартиби ва муддатлари белгиланади.

11.4. Федерацияни тугатиш натижасида қолган мол-мулк унинг аъзолари ва иштирокчилари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас. Кредиторлар талаби қондирилгандан сўнг, қолган мол-мулк Федерациянинг устав мақсадлари йўлида ёки хайрия мақсадларида сарфланади.

11.5. Кредиторлар талабини қондириш амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Надия Дусанова
Светлана Радзивил и Надия Дусанова
Юлия Тарасова
Светлана Радзивил
  •  
  •  
  •  
  •  
  •  
НАШИ ПАРТНЕРЫ:
Партнер 1
Партнер 2
Партнер 3
Партнер 4
Партнер 5